ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. Ўзбекистон Россиядан “Тайфун” зирҳли автомобиллар йирик партиясини сотиб олди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
“Автомобилларни Ўзбекистонга етказиб бериш 2019 йилнинг охирига қадар бошланади”, - дейилган хабарда.
"Тайфун" - (КамАЗ-53949) автомобиллари, ўқотар қурол ва портловчи моддалардан юқори даражада ҳимояланган зирҳли автомобил-платформа ҳисобланади. Автомобил турли қўшин ва бўлинмалар учун турлича жиҳозланиши мумкин. У 2 тоннагача юк кўтариш ва 10тагача одам ташиш имконига эга. Автомобил узунлиги 6,4 м, кенглиги 2,5 м, клиренси 0,43 м ва оғирлиги 13,7 тоннани ташкил қилади.
"Тайфун" Россиянинг 120дан ортиқ мудофаа саноати корхоналари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Улар орасида Урал автомобил заводи, КамАЗ, Ярославск мотор заводм, Пўлат ИТИ ва бошқалар бор.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йилда Россиядан БТР-82А ҳамда “Тигр” зирҳли автомобилларини, “Сопка 2” радиолокацион станцияларини ҳам сотиб олган эди. Ундан ташқари Ўзбекистон ва Россия орасида 12 та Ми-35М - жанговар – транспорт вертолётларини сотиб олиш ҳақида шартнома ҳам имзоланган.
Ушбу харидларнинг аксарияти Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида Россия томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан харид қилинади. Икки давлат орасида имзоланган шартнома 2025 йилга қадар Ўзбекистон қуролли кучларини тўлиқ янгилашни назарда тутган.