Ўзбекистонда кўчирмачиликка қарши сервис ташкил этилади

Дастурга кўра, илм-фан ва таълим соҳасида плагиатга (кўчирмачилик) қарши курашишда рефератлар, мақола ва диссертациялар банки ташкил этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. Ўзбекистонда “Диссернет” сайти аналоги ва ўзбек фильмлари портали ташкил этилиши ҳамда “Википедия”да республикада спортни ривожлантиришга оид саҳифаларни жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Бундай чоралар ҳукумат томонидан тасдиқланган 2022 йилгача интернетда миллий контентни ривожлантириш дастурида изоҳланган.

“Википедия”га ўзбек спортчилари ҳақида маълумотлар жойлаштирилади

Ҳужжат илм-фан ва таълим соҳасида плагиатга (кўчирмачилик) қарши курашишда рефератлар, мақола ва диссертациялар банкини ташкил этишни назарда тутади. 2020 йил июлигача илм ва таълим соҳасида маълумотларнинг ягона ахборот ресурсини ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, “Википедия”да Ўзбекистон спорт муассасалари ва таниқли спортчилари ҳақидаги саҳифалар, Узнетда “Спорт болалар нигоҳида” порталининг ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда.

2020 йил ёзига қадар миллий фильмлар порталини ҳамда минтақавий журнал ва газеталар каналларини машҳур интернет-мессенжерларда ташкил этиш режалаштирилган.