ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. 2019 йил 28 октябр куни "Ёрмоқ" конидан кунига 250-300 минг куб метр дастлабки дебит билан табиий газнинг саноат оқими олинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.
Ушбу кон Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳудудида жойлашган. Юра давригача бўлган корбанат нефт-газ қатламларини ўрганиш учун жорий йилнинг 10 мартидан бошлаб 3-қидирув қудуғини бурғилаш бошланган. Бурғулаш чуқурлиги 3300 метрни ташкил этди. Натижада, қудуқни 3 минг метр чуқурликдан кейин бир қатор интервалларда синовдан ўтказиш жараёнида табиий газнинг саноат оқими қўлга киритилди.
Қудуқда келгуси 3 кун ичида истиқболли қатлам параметрларини ўрганиш учун газ конденсати тадқиқотлари ўтказилади. Шунингдек, "Ёрмоқ" конида қудуқларни бурғилаш орқали қидирув ишларини давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистонда илк бор юра давригача бўлган қатламлардан газ олинди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил бошидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари томонидан 350 тадан ортиқ нефт ва газ қудуқларида таъмирлаш ишлари амалга оширилгани хабар қилинган эди.