Келгуси йил тест синовларида ўзгариш бўлиши мумкин - ДТМ 

Давлат Тест Маркази янги ўқув йилида киритиладиган ўзгаришлар, тест саволлларини тақсимлаш ва баҳолаш бўйча жамоатчилик фикрини ўрганмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. Маълумки келгуси ўқув йилидан бошлаб тест синовлари ўтказиладиган фанларни 2 гуруҳга бўлиш ва биринчи гуруҳга барча мажбурий фанлар, масалан она тили, математика ва тарих, иккинчи гуруҳга эса ихтисослик бўйича керакли фандан саволлар жойлаштириш белгиланган.

Тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади - президент янги қарори

Бу ҳақида президентнинг 14 майда имзоланган “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.  

Ушбу муносабат билан Давлат Тест маркази тест топшириқларининг тақсимоти ва баҳолаш механизми бўйича қўйидаги таклифларни жамоатчилик билан муҳокама қилиш мақсадида ўзининг телеграм каналида сўров эълон қилган. 

Хусусан, мажбурий фанлар бўйича абитуриентларга бериладиган саволлар биринчи мураккаблик даражасидаги саволлар бўлиб, уларга жавоб учун - она тили ва тарих фанидан бир дақиқагача, математика фанидан – 1,5 дақиқагача вақт ажратилиши мўлжалланган. Тест топшириқларига жавоб бериш ҳамда жавобларни жавоблар варақасига кўчириш билан бирга тест синовларига жами 3 соат вақт ажратилиши таклиф этилмоқда.

Ушбу масалага қизиққан барча ўз фикр-мулоҳазаларини ва таклифларини Давлат тест марказининг расмий телеграм канали - @расмий дтм орқали билдиришлари мумкин, дейилган хабарда.