Паспорти олиб қўйилган ва иш ҳақи тўланмаган 25 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди – ТИВ

Хабарда хизмат сафари чоғида бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқлангани қўшимча қилинган. Шу муносабат билан бош консулхона Астрахань вилоятининг тегишли органларига текширув тадбирларини олиб боришни сўраб мурожаат қилмоқчи.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 окт - Sputnik. 2019 йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон фуқароларининг мурожаатларига биноан мамлакатнинг Ростов-Дон шаҳридаги (Россия) бош консулхонаси Астрахань вилоятида сайёр қабул ўтказди.

Қозоғистонда 20 нафар хоразмликларнинг паспорти олиб қўйилди

ТИВ хабарига кўра, Астрахань вилояти “Ўзбекистон” ўзбек маданияти жамоат ташкилоти биносида турли масалалар бўйича мурожаат қилган 67 нафар фуқарога консултация берилган. Ватанга қайтиш сертификатини расмийлаштириш учун 34 нафар фуқаролардан ариза, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириш учун 20 та ҳужжат қабул қилинган. Шунингдек, 16 нафар ўзбекистонликларга турли масалалар бўйича ёрдам берилди.

Қайд этилишича, бош консулхона вакили Чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказида ҳам бўлган. У ердаги яшаш тартибини бузган ва тегишли рухсатномасисиз меҳнат фаолиятини амалга оширган 50 нафар Ўзбекистон фуқароларидан 11 тасига Ўзбекистонга қайтиш учун сертификати топширилган.

“Консул Хужабахлил Асамов ўзбек диаспораси раҳбари Баҳодир Аминов билан 25 нафар Ўзбекистон фуқароларнинг паспортлари иш берувчи томонидан олиб қўйилгани ва иш ҳақи тўланмагани тўғрисида маълумот олиб Харабали туманига борди. Кўрилган чоралар натижасида ҳужжатлар қайтарилди, иш ҳақи тўланди, ҳамюртларимиз эса ватанга юборилди”, - дейилади хабарда.

Хабарда хизмат сафари чоғида бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқлангани қўшимча қилинган. Шу муносабат билан бош консулхона Астрахань вилоятининг тегишли органларига текширув тадбирларини олиб боришни сўраб мурожаат қилмоқчи.