Hyundai Намангандаги завод қурилишини жадаллаштирди

Заводнинг илк тайёр маҳсулоти 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 окт - Sputnik. Наманган вилояти ҳокимлиги вакиллари ва Жанубий Корея компаниялари раҳбарларининг амалий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув якунларида ҳудуддаги йирик лойиҳалардан бири – Hyundai автомобиллар ишлаб чиқариш заводи қурилишини жадаллаштириш бўйича қўшимча инвестиция шартномаси имзоланди. Бу ҳақда ТИВ хабар қилди.

Қайд этилишича, ушбу шартнома имзоланишида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси фаол кўмаклашган.

“Заводнинг илк тайёр маҳсулоти 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда”, - дейилади хабарда.

Наманган вилоятида Hyundai тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводини қуриш лойиҳаси Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 22-25-ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларга кўра амалга оширилмоқда.

Hyundai Ўзбекистонда қачон автомобиль ишлаб чиқаришни бошлайди?

Ушбу завод қуриб битказилгач йилига 2500 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ва автобуслар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Завод тўла ишга тушгач мингдан зиёд янги иш ўрни пайдо бўлади.