Машҳур блогер туристларга Қозоғистонга эмас, Ўзбекистонга боришни маслаҳат бермоқда

Блогер инглиз забонли туристларга Қозоғистон ҳақида сўзлаб бермоқчи эди, бироқ айрим муаммоларга дуч келгани туфайли, энди сайёҳларга Ўзбекистон ёки Қирғизистонга боришни маслаҳат бермоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Машҳур трэвел-блогер Арам Варданян сайёҳларга Қозоғистон ўрнига Ўзбекистон ёки Қирғизистонга боришни маслаҳат берди, деб хабар қилмоқда Sputnik Қирғизистон нашри.

Ўзбекистон визасиз мамлакатлар рўйхатини кенгайтирди

Варданян америкалик дўсти Меган Старр билан саёҳат қилиб, мамлакатлар ҳақида таассуротлари билан ўз блогида ўртоқлашмоқда. Октябрь ойида ёш жуфтлик Олма-Отага келган. Қозоғистон улар учун визасиз мамлакат саналади. Аммо ҳақиқатда эркак йирик муаммоларга дуч келади.

Йигитнинг сўзларига кўра, саёҳат олдидан у Қозоғистон ТИВ сайтини синчковлик билан ўрганган. Арам таъкидига кўра, гарчи у ўзига керакли маълумотни инглиз тилида топа олмаган бўлса-да, аммо рус тилини билиши унга асқотган.

Аэропортга келгач, ундан бир неча кун давомида рўйхатдан ўтишни сўрашган. Бироқ божхона вакиллари буни қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтира олишмаган. Саёҳатчи керакли жойга қийинчилик билан етиб олиб, бир неча соат вақтини навбатда туриш билан ўтказган, қоғозларни тўлдиришда эса унга ҳатто ручка беришмаган. Камига у паспортини топширишга ва икки кун давомида ҳужжатсиз юришга мажбур бўлган.

"Менга Қозоғистон жуда ёқди. Бу ернинг одамлари ажойиб, ошхонаси мазали, табиати гўзал. Ва мен бу ҳақда инглиз забонли туристларга сўзлаб бериш учун келган эдим. Лекин улар мендан у ерга борсак арзийдими, дея сўрашса, мен уларга қандай қилиб ёлғон гапириб, ҳа, арзийди, деб айта оламан? Яхшиси ҳақиқатни гапираман: Ўзбекистон ёки Қирғизистонга боринг, у ерлар ҳам гўзал, энг асосийси бунақа муаммолар у ерларда йўқ, деб айтаман. Кўплар Қозоғистонга йўл олиб, уларга виза керак эмаслиги туфайли, ҳаммаси осон кечади, деб ўйлашади. Энди тасаввур қилинг, киши тоғга кўпкунлик турга пул тўлаган, бу ерга келгач эса, унга регистрация кераклиги ҳақида хабар топган. Тур учун пулларни унга табиийки қайтариб беришмайди. Агар у уч кунлик тур учун пул тўлаган бўлса, шундан икки кунини аҳолига хизмат кўрсатиш марказларига қатнаш билан ўтказади", - дея иқтибос келтиради блогер сўзларидан нашр.

Арамнинг қиз ўртоғи Меган Старр эса бу каби қийинчиликларга дуч келмаслик учун олдиндан визани расмийлаштиришни маслаҳат берган.