Ўзбекистон ЯИМ тўққиз ой мобайнида 361,85 трлн сўмни ташкил этди

2019 йилнинг январь–cентябрида Ўзбекистон ЯИМ ҳажми жорий нархларда 361,85 трлн сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг январь–сентябри билан таққослаганда 5,7 % га ўсди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. 2019 йилнинг январь–cентябрида Ўзбекистон ЯИМ ҳажми жорий нархларда 361,85 трлн сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг январь–сентябри билан таққослаганда 5,7 фоизга ўсди. Мазкур маълумотлар Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботда ёзилишича, аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 10,8 млн сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоизга юқори

ЯИМ ва инфляция: халқаро валюта фонди Ўзбекистон бўйича прогнозларини эълон қилди

Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда ЯИМ (ЯҚҚ) тармоқлари таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 31,3 фоиздан 28,0 фоизга ҳамда хизматлар соҳаси улуши 36,8 фоиздан 35,9 фоизга камайган бир вақтда, саноатнинг улуши 25,4 фоиздан 29,2 фоизга, қурилишнинг улуши 6,5 фоиздан 6,9 фоизга ўсди.

2019 йил январь–сентябрь ойларидаги иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқ. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 90,9 фоизини ташкил этди ва 5,7 фоизга ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 5,0 фоиз пунктни ташкил этди).

Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 9,1 фоизни ташкил этди ва 5,6 фоиз даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 0,7 ф.п.).