Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони маълум қилинди

Давлат статистика қўмитаси маълумотлари қараганда, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 1,9 фоизга тенг бўлган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 окт – Sputnik. Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2019 йил 1 октябрь ҳолатига  кўра 33,7 млн кишини ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотлари дарак бермоқда.

Таъкидланишича, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 1,9 фоизга тенг бўлган.

Ўзбекистонда умр давомийлиги рекорд темпда ошмоқда

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолининг табиий ўсиши 477,5 минг кишини ташкил этиб, 2018 йил мос даврига нисбатан 36,7 минг кишига (2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида 440,8 минг киши бўлган) ўсган. 

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар бўйича, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4 фоизни ташкил этиб, кейинги ўринларда Фарғона вилоятида 11,1 фоизни, Қашқадарё вилоятида 9,7 фоизни ва Андижон вилоятида 9,2 фоизни ташкил этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига республика доимий аҳоли сонининг 30,5 %и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 59,1 %и меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,4 %и меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.