Юнусобод туманидаги бола ўғрилари ҳақида хабар ўз исботини топмади

Маълум бўлишича, 21 октябрь куни 19 ёшли мактабнинг собиқ битирувчиси шу мактабда таҳсил олаётган дўстининг олдига қора рангли “Spark” русумли енгил автомобилда келган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқатилган Юнусобод туманидаги 260-мактаб атрофида бола ўғирлашга уриниш ҳолати ҳақидаги хабар юзасидан қўшимча маълумотлар берди.

Қайд этилишича, бу ҳолат бўйича мактаб раҳбарияти томонидан дарҳол туман ИИБга мурожаат қилинган.

ХТВ Юнусобод туманидаги бола ўғрилари ҳақида маълумот берди

Маълум бўлишича, 2019 йил 21 октябрь куни тахминан соат 13.00 ларда 19 ёшли мактабнинг собиқ битирувчиси шу мактабда таҳсил олаётган 17 ёшли дўстининг олдига қора рангли “Spark” русумли енгил автомобилда келган.

Йўл юзида турган бошланғич синф ўқувчисига нечинчи синфда ўқиши ҳақида сўраган ҳамда уни уйига олиб боришни таклиф қилган. Тахминан 10 метр узоқликда кузатиб турган бошланғич синф ўқувчисининг отаси бу ҳолатни нотўғри тушунган ҳамда ИИБ ходимларини воқеа жойига чақиртирган.

Туман ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия ходимлари дарҳол воқеа жойига етиб келиб, суриштирув ишларини олиб боришган.

“Ўрганиш натижалари бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ўз исботини топмади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ХТВ ушбу воқеа юзасидан якуний маълумот суриштирув ишлари тугагач тақдим этилишини маълум қилгани хабар қилинган эди.