Озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсати ишлаб чиқилади

Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 окт – Sputnik. Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.

Фармонга мувофиқ, Стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга доир президент қарори тайёрланди

Шунингдек, Фармон билан Стратегияни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби тасдиқланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади ҳамда белгиланган индикаторларга эришиш устидан доимий мониторинг олиб боради.

Шу билан бирга, мазкур фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида масъул бошқарма ташкил этилади.

Фармонга кўра, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилди.