Футбол шарҳловчиси Шомуродовни мақтайман деб миллатчилик қилиб қўйди

Элдор Шомуродов ҳақида гапирганда миллатчиликка йўл қўйган россиялик шарҳловчи футбол мухлислари ғазабига дучор бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Россиянинг энг кучли футбол клубларидан бири ҳисобланган “Зенит” жамоасига яқин бўлган футбол шарҳловчиси Геннадий Орлов, Спорт экспресс газетасига берган интервьюсида яхшигина “қовун туширди”. У Элдорни мақтамоқчи бўлиб, ўзбек миллати ва россияликларни ноўрин солиштирди...

“Менга Шомуродов жуда ёқади. Биласизми нимага? У ўзбек бўлса ҳам, унинг футбол интеллекти россиялик форвардларникидан баланд. Бу борада у билан фақат Дзюба тенглашиши мумкин”, - деди Орлов.

Ушбу интервьюнинг айнан шу жойи бошқа ОАВлар томонидан ҳам чоп этилди ва Россия жамоатчилиги, футбол ишқибозлари орасида катта шов-шув ва норозиликларга сабаб бўлди. Бир неча спорт ва футболга бағишланган сайтларда Орловнинг ушбу сўзларини қораловчи жуда кўплаб изоҳлар қолдирилди.

Шомуродов ван Бастен услубида гол урди - видео

Айримлар Орлов ҳеч кимни хафа қилишни истамаганини айтса-да, аксарият унинг ушбу сўзларини қаттиқ танқид остига олган. Ушбу интервью остига қолдирилган изоҳларда ўқувчилар Орлов ҳақида “қари тентак”, “миллатчи”, “ахмоқ”, “уни нафақага юбориш керак” қабилида изоҳлар қолдирган. Лекин изоҳлар орасида энг кўп лайк олгани "Шу сўзлари билан у бутун бир халқни камситганидан хабари борми?",  "Орловнинг ўзи яҳудий, лекин ақлан россиялик шарҳловчи” деган изоҳлар бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов айни дамда Россия премьер лигаси ўйинларида 10 та гол уриб РПЛ ҳужумчилар орачида энг яхши натижа кўрсатмоқда. Бир неча кун олдин Россия терма жамоаси бош мураббийи Черчесов Шомуродовнинг ўзбекистонлик эканини билмаган футбол мухлислари ундан Элдорни терма жамоага киритишни талаб қилаётгани ҳақида айтиб берган эди.