Тошкент вилоятида тадбиркор 1,4 млрд сўмлик солиқ тўлашдан бўйин товлагани аниқланди

Бош прокуратура “G.Q.N” ва “G.S.E” МЧЖ раҳбари ва бошқалар жуда кўп миқдордаги солиқларни тўламаганини фош этди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 окт – Sputnik. Бош прокуратура Тошкент вилоятида жуда кўп миқдордаги солиқларни тўламаслик ҳолатини аниқлади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай тумани бўлими терговга қадар текширув ўтказган. Унда “G.Q.N” ва “G.S.E” МЧЖ раҳбари Улуғбек.Т. ва бошқалар корхоналар томонидан бажарилган ишлар ва товарлар реализациясидан келиб тушган 7,3 млрд. сўм пул маблағларини солиқ тўловларини тўламаслик мақсадида ҳисоботларда яширишгани аниқланган.

Натижада бюджетга тўланиши лозим бўлган 1,4 млрд. сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганликлари ошкор бўлган.

Шунингдек, улар маҳсулотлар сотувидан тушган 4,8 млрд. сўм нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан жуда кўп миқдорда савдо қоидаларини бузганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Улуғбек.Т. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 184 (“Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш”) ва 189-моддалари (“Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.