Мирзиёев ўз нутыи аввалида, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили ўзбек халқи учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилиги тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият эканлигини таъкидлаб ўтди.
"Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин", - деди президент.
Ўзбекистон раҳбари давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида бугун мамлакатда яна бир муҳим қадам қўйилганини эълон қилди.
"Мен бугун "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонга имзо чекдим. Унга биноан "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни" деб белгиланди", - дея эълон қилди президент.