Тонналаб иқтисод: “Узатом” раҳбари АЭС қурилиши хусусида

АЭС қурилишига сарфланган ҳар бир доллар республика иқтисодиётига ўртача 5-6 бараваргача қайтади, деди “Узатом” раҳбари журналистлар билан бўлган брифингда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 окт – Sputnik. “Узатом” бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда АЭС қурилиши қандай иқтисодий афзалликларни келтириб чиқариши борасида журналистлар билан учрашувда сўзлаб берди.

“АЭС қурилиши энергетика инфраструктурасини ривожлантиришга йўналтирилган йирик инвестициявий лойиҳа бўлиб, у табиий газ истеъмолини камайтиришни кўзда тутади. Газ ўрни тоза энергия томонидан қопланганда эса, унинг ортиб қолаётган ҳажми истиқболда экспортга йўналтирилиши ва унинг қайта ишланиши кутилмоқда”, - дея қайд этди агентлик директори.

Бўлажак АЭС энергетик қуввати қуйидаги рақамларда ифодаланади: 630 грамм уран 70 тонна кўмир ва 140 тонна ёғоч-тахтани ўрнини босади.

АЭС қурилиши Ўзбекистонга қандай наф келтириши юзасидан берилган қўшимча маълумотга кўра, республика учун йилига қўшимча 2,4 ГВт қувват жалб қилиниши, 3-3,5 млрд куб метргача табиий газ иқтисоди, минтақанинг иқтисодий ривожланиши, станция қурилиши даврида 8 000 гача ва фойдаланишга топширилгандан сўнг эса қарийб 2 500 тагача иш жойи шакллантирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон АЭСда ишлатиб бўлинган ёқилғи қайта ишлаш учун Россияга юборилади

2030 йилга келиб, АЭС республиканинг умумий энергетика ишлаб чиқилиши тизимида 30% ни қоплаши ҳақида ҳам хабар қилинди.

Лойиҳанинг экологик таркибий қисми ҳақида сўз юритар экан, Ж.Мирзамаҳмудов, унинг ишга туширилиши атмосферага йилига 14 млн тоннагача карбонад ангидрид гази ва 36 тоннагача диоксид азот ташланишида қисқариш юз беришига алоҳида тўхталди.

Халқаро экспертларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, АЭС қурилишига сарфланган ҳар бир доллар республика иқтисодиётига ўртача 5-6 бараваргача қайтарилади.

Ўзбекистон АЭСи – Росатом учун энг устувор хорижий лойиҳа бўлади

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги президент Шавкат Мирзиёев қарори билан ташкил этилган эди. Агентлик ваколатига атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан келгусида қўлланилиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш киради.