Қозоғистон билан чегарада ўтказиш пункти ёпилади

Вақтни тежаш ва ҳаражатларни олдини олиш мақсадида, ўзбек-қозоқ чегарасининг бошқа муқобил назорат-ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланиш мумкин бўлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Тошкент вилоятида 2020 йилга қадар Қозоғистон билан чегара назорат-ўтказиш пункти ёпилади, деб баён қилди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси.

“Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пунктида қайта қуриш ва кенгайтириш ишлари олиб борилиши муносабати билан, 2019 йилнинг 1 ноябридан бошлаб мазкур чегара ўтказиш пунктида пиёда равишда ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, енгил автотранспорт ва 3,5 тоннагача юк кўтариш қобилиятига эга бўлган юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати 2020 йилнинг 1 ярмига қадар тўхтатилади”, - дейилади тарқатилган хабарда.

Давлат чегара ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар - ҳукумат қарори лойиҳаси

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товар ҳамда транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ташувчилар, енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёда равишда ҳаракатланувчи жисмоний шахсларга вақтларини тежаш, сарф-харажатларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган бошқа муқобил ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланишлари мумкинлигини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара масаласи бўйича 16 йил давом этган музокара якунланмоқда

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг “Б.Конисбаев” чегара ўтказиш пункти Тошкент вилояти Чиноз туманидаги “Яллама” чегара ўтказиш пунктига туташ ҳисобланади.