ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, 20 та медаль қўлга киритган ўсмир боксчилари Тошкентда тантанали кутиб олинди, деб хабар қилди Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати.
Бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси БААнинг Фужайра шаҳридаги Осиё чемпионатида иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистонликлар мусобақада 23 нафар боксчи билан иштирок этиб, 20 та медаль қўлга киритишди (8 та олтин, 3 та кумуш ва 9 та бронза).
Бугун қитъа чемпионатида муваффақиятли қатнашган боксчилар республикага қайтиб келишди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида “Ўзбекистон Темир йўллар” АЖ мутасаддилари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари ва МОҚ вице-президенти Сакен Полатов, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари, спортчиларнинг яқинлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.