Жаслиқ қамоқхонаси маҳбуслари учун алоҳида қамоқхона қурилмайди - ИИВ

Жорий йил август ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг энг машҳур колонияси - "Жаслиқ"ни тугатиш қарорини қабул қилган эди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 окт - Sputnik. Жаслиқ қамоқхонаси маҳбуслари учун алоҳида қамоқхона қурилмайди, деб хабар қилди бугун журналистлар учун ташкил этилган брифингда Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Гиясов. Sputnik Ўзбекистон мухбири хабари асосида.

Мирзиёев машҳур "Жаслиқ" қамоқхонасини тугатмоқда

"Жаслиқ" колонияси ёпилгач, маҳбусларнинг кейинги тақдири ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Гиясов умрбод жазо тайинланган маҳбусларни алоҳида сақлаш керак бўлган жой қурилаётганини маълум қилди.

"Жаслиқ колонияси ёнида умрбод озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар сақланадиган алоҳида жазони ижро этиш муассасси мавжуд эди. Мазкур маҳкумлар жазо муддатини ўташи шарти талаблари бўйича, умумий, қаттиқ ёки мос тартибдаги жазони ижро этиш муассасасида сақланаетган маҳкумлардан шартли равишда кун тартиби бўйича фарқланганлиги учун ҳозир алоҳида жазони ижро этиш колонияси қурилиши бўйича топшириқ берилган. Колония алоҳида қурилиб ишга тушгандан кейин умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар шу колонияга ўтқазилади. Ҳозирча улар бошқа колонияларга жойлаштирилган", - деб аниқлик киритди у. 

Гиясовнинг айтишича, колонияда ўз жазо муддатини ўтаётган 385 нафар маҳкум президент қароридан кейин 15 кун ичида, уларнинг оила аъзолари ва яқинларига қулайлик яратиш мақсадида илгари ўзлари яшаган жойларга яқин колонияларга юборилган.