Москвада “Ўзбек тили дўстлари” клубини очиш ҳақида қарор қабул қилинди

Москва давлат лингвистика университетида Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили” ҳақидаги қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган ўқув-маърифий тадбир ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 окт – Sputnik. Москва давлат лингвистика университетида Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили” ҳақидаги қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган ўқув-маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати хабар қилди.

“Учрашувда олий ўқув юрти профессор ва ўқитувчилари, ўзбек тилини ўрганаётган россиялик талабалар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар қайд этганидек, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили ўзбек халқи учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”, - дейилган хабарда.

Москвада “Ўзбек тили дўстлари” клубини очиш ҳақида қарор қабул қилинди

Учрашув давомида Москва давлат лингвистика университети талабалари ўзбек тилининг турли жиҳатлари, ўзбек мумтоз ва замонавий шоир ва ёзувчилари, тарихи ва замонавий тараққиётига бағишланган тақдимотлар билан чиқдилар.

Талабалар томонидан ўқиб берилган Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазал ва рубоийлари, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидовнинг шеърлари тадбир кўркига кўрк қўшди.

Бўлиб ўтган мулоқот якунида унинг иштирокчилари бир овоздан доимий равишда фаолият юритадиган “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилдилар.