Солиқ экспериментлари охири нима билан тугайди?

Ўзбекистондаги солиқлар ислоҳотини “Налоги и финансовое право” (Солиқлар ва молиявий ҳуқуқ) компаниялар гуруҳи раҳбари, ҳуқуқшунос Аркадий Брызгалин ижобий баҳолар экан, якуний натижа бизнесга ва қатор бошқа омилларга боғлиқ бўлишини таъкидлаб ўтди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Ўзбекистонда кенг миқиёсли солиқ ислоҳоти олиб борилмоқда. Бир тарафдан қатор солиқлар бирлаштирилиб соддалаштирилса, бошқа бир тарафдан айрим ставкалар, шу жумладан, ҚҚС пасайтирилмоқда. Россиялик эксперт фикрича, бундай ҳолатда ҳукумат мантиғини тушунса бўлади ва ушбу йўналишдаги сиёсат тегишли талабларга мувофиқ тарзда ривожлантирилса, натижа ижобий бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, кўплаб таҳликали омиллар йўқ эмас.

“Солиқ ставкалари пасайтирилиши – иқтисодиёт ривожланишига туртки бериш учун кенг қўлланиладиган усул. Бу борада АҚШда Рейганнинг солиқ борасидаги сиёсати айниқса ижобий натижа кўрсатган. Россияда ҳам 2000-йиллар бошида солиқни 30 дан 13% гача пасайтирилиши билан қатор ижобий натижаларга эришилган. Бунда асосий урғу бизнес учун енгилликлар ҳосил қилишдир. Натижада, бизнес ривож топиб, ишлаб чиқаришга ва янги иш жойларини ташкил этишга ҳисса қўшади. У кучайганида эса, дастлаб давлат хазинасида камайган маблағлар тикланибгина қолмай, мамлакатда кучайган ишбилармонлар синфини вужудга келтиради”, - деди Брызгалин Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда.

Айни пайтда, маблағлар номувофиқ тарзда тақсимланса ёки оддий қилиб айтганда, улар суистеъмол қилинса, ушбу маблағлар бошқа йўлларга – бизнесмен ёки амалдорларнинг чет эл ҳисобларига, яхта ва виллаларига кетиб қолиши эҳтимоли бор. Бюджети учун йўқотишлардан хавфсираган ҳолда бу каби либерал ислоҳотларни ҳамма давлатлар ҳам ўтказа олмайди.  

Солиқ юки камайтирилса ҳам бюджетга тушумлар 1,5 баравар ошди

Солиқ қўмитасининг 166 нафар ходими Москвада малака оширади

“Бу борада Ўзбекистон президентини фақат қўллаб-қувватлаб, унга зафар тилаб қолиш мумкин. ҚҚСни бирданига 5% га, яъни аслини олганда бутун бир чоракка пасайтириш - қойил қолса бўладиган қарор, назаримда. Асосийси, эндиликда бизнес ундан кутилаётган натижаларни оқлаб, иқтисодий ўсишни намойиш этиши ва шу орқали мамлакатга инвестициялар келишини таъминлаши талаб қилинади”, - дея хулоса қилди эксперт.

Россиялик солиқчилар ҳам, бу орада, ўзбек ҳамкасбларига ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашишга тайёр эканликларини қайд этиш жоиз. Хусусан, республика солиқ соҳаси мутахассисларининг РФда таълим олиши ва малака ошириши юзасидан куни-кеча келишиб олинди.

Солиқ экспериментлари охири нима билан тугайди?