Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашда 4та ташабуус билан чиқди

Туркий кенгаш саммитида Ўзбекистон президенти аъзо давлатлар орасида тадбиркорликни, транспорт коммуникацияларини, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга доир 4та ташаббуси билан чиқди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 окт - Sputnik. Кеча Бокуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар кенгашида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Ўз нутқида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини таъкидлади.

Шунингдек, президент  Туркий кенгаш аъзолари орасида турли соҳаларда алоқаларни ривожлантириш мақсадида қуйидаги 4та ташаббусларни таклиф қилди:

Биринчидан, Туркий кенгашга аъзо давлатлар тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратишни устувор вазифа. Шу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш.

Иккинчидан, Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йил Тошкентда ўтказиш.

Учинчидан, йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, “Боку-Тбилиси-Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарур.

Тўртинчидан, маданий-гуманитар соҳалар муҳим аҳамиятга эга эканини ҳисобга олган ҳолда, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш.

Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.

Ўзбекистон президентининг Туркий кенгашдаги нутқининг тўлиқ матни билан қуйида танишинг.