Ўзбекистондан ноёб маймун боласини олиб чиқишга уринган шахслар қўлга олинди

Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи давлат чегаралари яқинида турган “Spark” русумли автомашина божхоначилар эътиборини тортди ва автоулов ҳамда унинг ичида ўтирган фуқаролар холислар иштирокида назоратдан ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 окт – Sputnik. Ўзбекистондан маймун боласини олиб чиқишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтувчи давлат чегаралари яқинида турган “Spark” русумли автомашина божхоначилар эътиборини тортди ва автоулов ҳамда унинг ичида ўтирган фуқаролар Ф.У. ва Ж.С.лар белгиланган тартибда холислар иштирокида назоратдан ўтказилди.

Натижада, автомашина салонида ноёб орангутан турига мансуб маймун боласи борлиги маълум бўлди.

Ўзбекистондан ноёб маймун боласини олиб чиқишга уринган шахслар қўлга олинди

Шунингдек, фуқаро У.Ф. божхоначиларни пайқаши биланоқ уддабуронлик билан машина ёнига улоқтирган тамаки қутиси ҳам текширилди.

Текширув жараёнида тамаки қутисида 0,36 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Фуқаро Ж.С.га тегишли сумкада эса 4 дона турли дори воситалари борлиги ҳам маълум бўлди.

Қонунбузардан олинган маймун боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.