Озода Нурсаидованинг лицензияси қайтариб берилди  

“Ўзбекконцерт” бир неча йил олдин лицензиясидан маҳрум қилинган Озода Нурсаидовага ижод қилиши учун яна бир имкон берди.   
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Ўзбекконцерт бир неча йил олдин лицензиясидан маҳрум қилинган Озода Нурсаидовага яна омма олдида куйлашга рухсат берди. Бу ҳақида муассаса матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон санъаткорлари рўйхати 70% янгиланди - "Ўзбекконцерт" раҳбари

Кеча “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида устоз санъаткорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, унда хонанда Озода Саидзоданинг мурожаати кўриб чиқилди. Давра суҳбатида Озода Саидзоданинг  (Нурсаидова) ўзи ҳам сўзга чиқиб, бундан бир неча йиллар олдин билиб-билмай, асосланмаган маълумотларга ишониб, ҳиссиётларга берилиб, жамоатчилик орасида ўзининг ноўрин фикрларини оммавий ахборот воситалари орқали баён этганидан астойдил пушаймон эканлигини билдириб, шунча вақт ичида ўзига тўғри хулоса чиқаргани, имконият берилса, бундан кейинги фаолиятида миллий эстрадани ривожлантиришга, ўзининг қўшиқлари билан халққа хизмат қилишга ваъда берди. Сўнг, хонанда президент ва халқдан узр сўраб унга яна бир бор имконият беришларини илтимос қилди, - дейилган хабарда.

Давра суҳбати якунида барча устоз санъаткорларнинг фикрлари тингланганидан сўнг, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳоров хонанда Озода Саидзода кечирилгани ҳамда эркин ижод қилишига имконият яратилгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни хонанда Озода Саидзода “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига ўз ижодини кенг тарғиб қилиш ва фаолиятини қонуний тарзда юритиш мақсадида концерт-томоша фаолиятига рухсат берувчи лицензия сўраб мурожаат қилган эди.