Бюджет ҳисобидан машина сотиб олинган: Тошкент вилоятида мансабдорларга жиноят иши очилди

“D.B.S” МЧЖ раҳбари томонидан ўзлаштирилган бюджет маблағлари ҳисобидан “Chevrolet Laccetti” русумли автомашина сотиб олиниб, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Бош прокуратура матбуот хизмати Тошкент вилоятида аниқланган талон-торож ҳолати юзасидан хабар қилди.

Ноёб “Қуръон” китобини Ўзбекистондан олиб чиқишга йўл қўйилмади - видео

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда, “D.B.S” МЧЖ томонидан Бекобод туманидаги 29-сонли мактабгача таълим муассасасида шартномада кўрсатилган реконструкция ишлари бажарилмаган бўлсада, “Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси Тошкент вилояти филиали томонидан ушбу жамиятга 2,4 млрд. сўм ўтказиб берилиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

“D.B.S” МЧЖ раҳбари томонидан ўзлаштирилган бюджет маблағлари ҳисобидан “Chevrolet Laccetti” русумли автомашина сотиб олиниб, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар легаллаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан “D.B.S” МЧЖ раҳбари Х.Р., “Инфратузилмани ривожлантириш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Тошкент вилояти филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.