Ўзбекистон яна бир давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботир Асадов ва Гренаданинг Россиядаги элчиси Олег Фирер имзолади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. 11 октябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси ва Гренада ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида қўшма Коммюникени имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар қилди.

Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботир Асадов ва Гренаданинг Россиядаги элчиси Олег Фирер имзолади.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси ва Гренада икки мамлакат ўртасида ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида, БМТ Низоми тамойиллари ва мақсадлари ҳамда халқаро ҳуқуққа амал қилган ҳолда 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси, 1963 йил 24 апрелдаги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясига мувофиқ ва МБТ Низомида белгиланган тамойиллар асосида дипломатик муносабатлар ўрнатишга қарор қилганлари қайд этилади.

Мулоқот чоғида икки мамлакат элчилари томонидан Ўзбекистон ва Гренада ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда, жумладан халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.