Ўзбекистонда уч юзга яқин беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди

Тошкентдаги Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг ҳамкорликдаги 3 – конгрессида Ўзбекистонда сўнгги икки йилда уч юзга яқин беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилгани маълум қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. Тошкентдаги Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг ҳамкорликдаги 3 – конгрессида Ўзбекистонда уч юзга яқин беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилгани маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, замонавий тиббиётда трансплантология, яъни инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти жорий этилиши инсон саломатлигига оғир асорат етказувчи бир қатор хасталикларни даволашда катта имкониятлар яратмоқда. Ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморларда ана шундай трансплантология амалиёти бажарилади. Жаҳонда бўлгани каби мамлакатда ҳам тиббиётнинг бундай замонавий ютуқларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда юрак трансплантациясига рухсат берилиши мумкин

“Жумладан, ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида яқин қариндошлардан беморларга жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти самарали амалга оширилаяпти. Юртимизда тиббиёт муассасаларида сўнгги икки йилда биргина буйрак трансплантологияси амалиёти уч юзга яқин беморда муваффақиятли ўтказилди”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, президент ташаббуси билан трансплантология соҳасини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тобора такомиллашмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази нинг ташкил этилгани бу борада муҳим қадам бўлди. Айни пайтда ушбу янги тиббий-илмий марказда ҳам бундай янги технологияларни жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.