ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. Очиқ космосга чиққан илк инсон Алексей Леонов вафот этди. Бу ҳақда РИА Новости Гагарин номидаги космонавтлар тайёрлаш маркази матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилмоқда.
“Ҳа, афсуски, ҳақиқатдан ҳам шундай”, - деган марказ вакили.
Алексей Леонов 85 ёшида 68-сонли Москва клиник шифохонасида оламдан ўтди. Сўнгги вақтда у касаллик билан узоқ курашган.
1965 йил мартида Леонов очиқ космосга чиққан илк инсонга айланган эди. У ўн йил ўтиб, 1975 йилда иккинчи марта фазога парвоз қилиб, СССРнинг “Союз” ва АҚШнинг “Аполлон” космик кемаларини туташтиришда қатнашган. Икки марта Собиқ иттифоқ қаҳрамони унвони билан тақдирланган.