Фарғонада авиация бомбаси топилди

“Осмондан тушдими, ердан чиқдими - ҳеч ким билмайди”: Фарғонадаги боғлардан бирида авиация бомбаси топилди.  
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 окт – Sputnik. Фарғонада худди кинодигидек воқеа юз берди. Қува туманидаги боғлардан бирида вазни 150 кг бўлган авиация бомбаси топилди. Бу ҳақида “Постда” газетаси хабар қилмоқда.

“7 октябрь куни соат 16:00ларда “Турк” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Абдуқодир” боғдорчилик фермер хўжалигининг гилос боғидан шартли белгиларсиз, узунлиги 94 см., оғирлиги 150 кг. бўлган авиация бомбаси топилди”, - дейилган хабарда.  

Айни пайтда йўқ қилиш мақсадида ҳарбий қисмга топширилган бомбанинг боғда қандай пайдо бўлиб қолгани, қанчалик хавфлилиги юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳеч кимга зарар етмаган.

Бомба топилган боғ эгасига Тошкентдан 3-хонали уй берилиши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмаган.