Ахлат ташлаган ҳайдовчи 2,2 млн сўмга жаримага тортилди

Машина ойнасидан кўчага ахлат ташлаб юборган ҳайдовчи ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жаримага тортилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 окт – Sputnik. Тошкентда автомобил ойнасидан ахлат ташлаган ҳайдовчи 2 230 000 сўмга жаримага тортилди. Бу ҳақида “Водители Ташкента” гуруҳи хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишига кўра, воқеа 29 сентябрь куни содир бўлган. Светофорда тўхтаб турган автомобил ойнасидан ахлат кўчага отиб юборилганини унинг орқасида турган автомобил видеорегистратори камерасига тушиб қолган.

Транспортдан ахлат ташлаш учун жарима 2 баравар оширилди

ЙҲХБда ушбу видеога қонуний баҳо беришган ва ҳайдовчи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 147 моддасининг 1 қисмига асосан (Йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш - ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида) - 2 230 000 сўмга жаримага тортилган.

Айни дамда ушбу хабар гуруҳда қизғин муҳокама бўлмоқда. Баъзи ҳайдовчилар ушбу вазиятда МЖКнинг нотўғри банди қўлланилган, аслида  123-модда. (Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш) қўлланилиши керак эди дейишмоқда. Ушбу бандга кўра ҳайдовчи ЭКИҲнинг 1 бараваригача жаримага тортилиши мумкин. 

Лекин Фейсбукда ушбу пост остига қолдирилган изоҳларга кўра, аксарият ҳайдовчилар кўчани ифлослантираётган ҳайдовчиларга нисбатан янада қаттиққўл жазолар қўллаш тарафдоридир. 

Ахлат ташлаган ҳайдовчи 2,2 млн сўмга жаримага тортилди