Голливуд юлдузлари ўзбек тарихий фильмида

Лойиҳа инглиз тилида бўлиб, унда Голливуд актёрлари иштирок этади. Актёрларнинг тўлиқ таркиби очиқланганича йўқ.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 окт – Sputnik. Ўзбекистонда “Султона” номли тарихий фильмнинг тасвирга олиниш ишлари 2020 йилдан бошланиши маълум қилинди.

Лойиҳани МДҲда энг йирик телеконтентни ишлаб чиқарувчи кинокомпания – Star Media татбиқ этади.

"Ўзбеккино" Россия кинокомпаниялари билан келишувлар имзолайди

“Султона” телесериали - халқаро лойиҳаси юзасидан ҳамкорлик режалари Star Media асосчиси ва бош продюссери Владислав Ряшин билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.

Мавжуд маълумотларга кўра, телесериал тасвирлари Самарқанд, Бухоро ва Хивада олиб борилиши кутилмоқда.

Лойиҳа тамомила инглиз тилида бўлиб, унда Голливуд актёрларининг иштироки режалаштирилган. Бироқ, актёрларнинг тўлиқ таркиби айтилганича йўқ.

Сериал сюжети томошабинни XVII аср воқеликларига рўбаро этади. Шундай бўлса-да, ундаги геосиёсат, ҳокимият учун кураш ва муҳаббат каби мавзулар бугун ҳам ўта актуалдир.

Олти сериядан ташкил топган илк мавсум бюджети 20 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг давоми - иккинчи мавсуми олиниши ҳам режалаштирилган. 

Голливуд юлдузлари ўзбек тарихий фильмида

Қолаверса, Star Media келгуси йилнинг ўзидаёқ “Тошкент – нон шаҳри” фильмининг тасвирларига ҳам киришмоқчи. Ўзбекистон миллий кинокомиссиясининг таъкидлашича, бунда машҳур ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосов қаламига мансуб афсонавий номдош кинотасманинг ремейки ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу тамомила янгича ҳикоя бўлиши кутилмоқда.

“Мамлакатингизда “Султона” телесериалидан ташқари Россиянинг “Первый канал” лойиҳаси билан ҳамкорликда “Тошкент – нон шаҳри” фильмини ҳам расмга тушираётганлигимиздан ҳурсандмиз. Республикадаги барча лойиҳаларимиз Ўзбекистон миллий кинокомиссияси кўмагида амалга оширилади”, - деди Владислав Ряшин.

Россиялик эксперт келгуси йил 1 январдан Ўзбекистонда rebate тизими жорий этилишига алоҳида эътиборини қаратди. Бу тизимга кўра, республикада киномаҳсулотини ишлаб чиқараётган хорижий кинокомпаниялар ҳаражатларини қисман қоплай олади. Бу, унинг фикрича, чет эллик кинокомпаниялар учун рағбатлантирувчи омил ролини ўтайди. Яъни, хорижлик киночилар Ўзбекистондаги турли жанрларда фильмларни тасвирга тушириш учун ноёб ҳудудларга эътиборини қарата бошлайди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси Ўзбекистон Давлат туризми қўмитаси кўмагида мамлакат ҳудудида аудиовизуал маҳсулотларни ташкил этишда иштирок этаётган хорижий кинокомпанияларга беминнат асосда ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник кўмагини кўрсатади.