Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни туғилган куни билан муборакбод этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik.  Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Суҳбат аввалида давлат раҳбари президент Эмомали Раҳмонни туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақият тилади.

Тожикистон раҳбари мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қўшган улкан шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Эмомали Раҳмон президентларни қандай кутиб олди?

Сиёсий ирода ва қабул қилинган амалий қадамлар туфайли Ўзбекистон-Тожикистон кўп қиррали муносабатлари мисли кўрилмаган юксак даражага - стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Ўтган йилги олий даражадаги ўзаро ташрифлар натижасида муҳим келишувларга эришилди ва икки томонлама ҳамкорликнинг энг ўткир масалалари бўйича ўзаро мақбул ечимлар топилди.

Сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми икки баробар ортди, ҳаво, автомобиль, темир йўл транспорти қатнови салмоқли даражада кенгайди. Чегарадош ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилди. Маданий-гуманитар алмашинув фаоллашди.

Тожикистон ва Ўзбекистон йил давомида қандай ютуқларга эришди?

Давлат раҳбарлари ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президентлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.