ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.
Эндиликда, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилади.
Шунингдек, фармонга асосан давлат фуқаролик хизмати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилади.
Фармон билан, президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бир пайтнинг ўзида Агентлик директори ҳисобланади.
Шу билан бирга, ушбу Агентлик ҳузурида Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.