Ўзбекистон Туркий Кенгашга нега аъзо бўлди?

Ўзбекистон Туркий Кенгашга нега аъзо бўлди? Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев бу борадаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 окт - Sputnik. Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев республикада сўнгги уч йилда ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалар соҳасида амалга оширилган ва жорий ислоҳотлар юзасидан фикрларини билдирди.

Мақолада мамлакатнинг халқаро ҳамкорликдаги мақсад ва вазифалари аниқлаштирилганлиги ва бойитилганлиги қайд этилган ҳолда, республика илгариги, асосан иккитомонлама муносабатлар билангина чекланмасдан, бора-бора кўптомонлама механизмларга ҳам эътиборини кучайтираётгани эътироф этилади.

Туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Саммитида имзоланган ҳужжатлар

“Янги Ўзбекистон” тушунчасининг халқаро майдонда пайдо бўлганига ҳам мақолада алоҳида урғу берилган.

Ўзбекистоннинг яқин кунларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлганлигига асослар қаторида қуйидагилар келтириб ўтилган:

- кенгаш давлатлари - Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон билан республиканинг алоқалари илгари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганлиги;

- Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 % дан зиёд ошгани;

- Марказий Осиё ва ундан ҳам кенгроқ макроминтақада фаолият кўрсатаётган муҳим халқаро ташкилотлардан бирининг бошқарувида, унинг кун тартиби, келажаги, устивор йўналишларини белгилашда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлгани;

- савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтиришга имкон яратилиши;

- истиқболда, халқаро транзит, транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш имкониятлари.

Туркий кенгаш бош котибининг Тошкентга ташрифи кутилмоқда

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон жорий йил 16 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашига Нахичеван битимини ратификация қилиш орқали тўлақонли аъзо бўлди.

Шу кунларда кенгаш бош котиби Бағдод Амреев Тошкентда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Эртага, 5 октябрь куни Тошкентда Туркий кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг Тадбиркорлар кенгаши ва Инвестицион бизнес-форумини ўтказилиши режалаштирилган. Унда туркий тилли давлатлардан 300 дан ортиқ ишбилармон доиралар вакиллари ташриф буюриши, иккитомонлама ва кўптомонлама лойиҳалар юзасидан музокаралар олиб борилиши режалаштирилган.

15 октябрь куни эса Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий кенгашнинг навбатдаги олий даражадаги учрашувида Ўзбекистон илк бор тўлақонли аъзо-давлат сифатида иштирок этиши кутилмоқда.