Ҳокимлик: Намангандаги барча аттракционлар техник кўрикдан ўтказилади

Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғида 18 ёшли қиз янги аттракционни синовдан ўтказиш вақтида ҳалок бўлган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Наманган вилояти ҳокимлиги вилоятдаги барча аттракционлар техник кўрикдан ўтказилиши ҳақида маълум қилди.

Наманган вилояти ҳокимлиги 2019 йил 30 сентябрь куни Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” боғида қурилиши тўлиқ битказилмаган “Spin block” аттракционига синовдан ўтказилаётган вақтда рухсатсиз чиқиб олиши натижасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмган 18 ёшли Э.Х. оиласига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Жиззахда ҳаракатдаги аттракцион иккига бўлиниб кетди - даҳшатли видео

Таъкидланишича, фожиа қурбони бўлган ёш қиз, боғдаги сув ҳавзаси қутқарувчиси сифатидаги иш жойини ташлаб, синов тариқасида ҳаракатлантирилаётган аттракционга техника хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳолда чиққан ва бу бахтсиз ҳодиса рўй берган. Иш жойларида техника хавфсизлигини таъминлаш борасида вилоятда олиб борилаётган ишларни кучайтириш кераклигини кўрсатади.

Вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда содир бўлган ҳолат юзасидан атрофлича ўрганиш олиб борилмоқда.

“Шу билан бирга, сўнгги пайтларда республикамизнинг бошқа жойларида ҳам истироҳат боғларида фаолият олиб борилаётган аттракционларда кўнгилсиз ҳолатлар юз бераётганини ҳисобга олган ҳолда, Наманган вилоятида мавжуд барча аттракционларни навбатдан ташқари техник кўрикдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилди”, - дейилади хабарда.

Самарқандда қиз нега катта тезликдаги аттракциондан қулаб тушгани маълум бўлди – видео

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Намангандаги “Афсоналар водийси” боғида 18 ёшли қиз синовдан ўтказилаётган аттракционга рухсатсиз чиққани ва бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.