ИИВ - малака оширишга келган ходимлар пахта йиғим-теримига жалб этилмайди

ИИВ хабарига кўра видеолавҳа “ички ишлар органларини обрўсизлантириш мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган”.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 окт – Sputnik. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, малака оширишга келган ходимлар пахта йиғим-теримига жалб этилиши ҳақидаги видеога расмий муносабат билдирди. 

“Ушбу қисқа муддатли ўқув йиғинларида таҳсил олаётган тингловчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича бирон-бир топшириқ берилмаган, бугунги кунда барча тингловчилар билан режалаштирилган ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотлар 11 октябргача давом этиб, шундан сўнг тингловчилар тегишли вилоятларга ўз хизмат жойларига қайтариб юборилади”, - дейилган ИИВ расмий хабарида.

Ундан ташқари, ИИВ ёзишига кўра, ушбу видеолавҳа “ички ишлар органларини обрўсизлантириш, ходимлар шаънига путур етказиш мақсадида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган”. Айни пайтда ўқув марказларида юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича ички суриштирув ишлари ўтказилмоқда, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча ижтимоий тармоқларда ИИВ ўқув марказида бир гуруҳ ходимларни ўқишга деб чақириб пахтага олиб кетилаётгани ҳақида видеолавҳа тарқалган эди.