Ўзбекистон Ядровий тадқиқотлар бирлашган институтида аъзолигини тикламоқда

ЯТБИда тўлақонли аъзолигини тиклаш - Ўзбекистоннинг ўз илмий-техник дастурларини ривожлантиришга ҳамда халқаро лойиҳаларда иштирок этишига имкон яратади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 окт - Sputnik. Ўзбекистон халқаро Ядровий тадқиқотлар бирлашган институтида (ЯТБИ) аъзолигини тикламоқда

Ўзбекистон атом соҳаси учун кадрларни қандай тайёрлаяпти

Бир неча кун олдин Ўзбекистоннинг ЯТБИдаги мухтор вакили этиб тайинланган академик Беҳзод Юлдашевнинг ва институт директори академик В.Матвеев ҳамда вице-директори М.Иткис билан учрашуви бўлиб ўтган эди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ЯТБИдаги тўлақонли аъзолигини қайта тиклаш жараёни ҳамда илмий тадқиқотлар ва кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Юлдашев айтишига қараганда, ЯТБИда тўлақонли аъзолигини тиклаш, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг ўз илмий-техник дастурларини ривожлантиришга ҳамда ЯТБИ орқали халқаро лойиҳаларда иштирок этиш учун имкон яратади. 

Ҳамкорлик нафақат ядро физикаси ва балки радиокимё, ахборот технологиялари ва материалшунослик каби соҳаларда ҳам олиб борилиши режалаштирилган. Қолаверса, "Дубна" университетида ҳам ўзбекистонлик ёш кадрларни тайёрлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, академик Юлдашев ЯТБИда 1960-70 йилларда Ўзбекистондан 70 тагача мутахассислар ишлаганини ва бу ерда республика учун 300 дан ортиқ юқори малакали мутахассислар, жумладан, 20 нафар фан докторлари ва 100 дан зиёд фан номзодлари тайёрланганлигини қайд этиб ўтди. 

ЯТБИ вице-директори М.Иткис ўзбекистонлик ҳамкасблар билан алоқалар ҳақиқатда тўхтатилмаганини таъкидлаб, мамлакатнинг институт таркибига қайтадан кириши ўзбек олимларининг фаолияти учун ҳар томонлама қулай илмий маконни вужудга келтиради.


Ядровий тадқиқотлар бирлашган институти 60 йиллик тарихга эга бутун дунёда машҳур илмий марказ бўлиб, унга бугунги кунда 18 та давлат аъзо. Халқаро нодавлат ташкилотининг асосий мақсади модданинг фундаментал хусусиятларини ўрганиш йўлида аъзо-давлатларнинг илмий ва моддий салоҳиятини бирлаштиришдан иборат.