Наманганда ота ўз боласини каналга чўктириб ўлдирди

Наманганда ота ўзининг ҳали ҳатто бир ярим ёшга тўлмаган ўғлини каналга улоқтириб юборди ва боласи чўкиб кетгунича қараб турди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 окт - Sputnik. Наманганда ота алимент тўламаслик мақсадида ҳали бир ярим ёшга тўлмаган ўғлини Шимолий Фарғона каналига ташлаб юборди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, суднинг ҳал қилув қарорига биноан Р.Т. 2018 йилда туғилган ўғли Б. учун даромадининг 70 фоизини алимент тариқасида тўлаб бориши керак эди. 

Алимент тўлашни истамаган ота жирканч ишга қўл уради. Ғаразли ниятни амалга ошириш учун отасининг уйида бўлган собиқ турмуш ўртоғининг ёнига боради ва ўғлини кўрмоқчи эканини айтади. Болани онасидан олиб, чой ичмаганинини айтиб, бир пиёла чой олиб чиқишини илтимос қилади. Аёлнинг уйга кириб кетганидан фойдаланиб, ўғлини олиб қочади. У боласини Намангандаги Шимолий Фарғона каналига олиб келади ва унинг ожизлигидан фойдаланиб каналга улоқтириб юборади. Ота боласи чўкиб кетгунича қараб туради.

Суд ҳукми билан у Ўзбекистон ЖКнинг 97-моддаси 2-қисмида “в, и” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда аёл қизининг оёқлари нотекис (нуқсонли) туғилганлигидан аччиқланиб, ундан қутилиш мақсадида уни 2-қаватидан пастга улоқтириб юборгани хабар қилинган эди.