Ўзбекистон вакили БМТ Бош Ассамблеяси раиси ўринбосари сифатида фаолиятини бошлади

Ушбу функцияларни Ўзбекистон Республикаси вакили Бахтиёр Ибрагимов 2020 йилнинг сентябрига қадар бажаради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. БМТ Бош Ассамблеясининг раис ўринбосари сифатида илк бор мазкур йилнинг июнида сайланган Ўзбекистон Республикаси вакили куни-кеча ўз вазифаларини бошлаб юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Ахборот хизмати хабар қилди.

“2019 йилнинг 28 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳида Ўзбекистоннинг Доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессияси Умумий мунозаралар ялпи мажлисида раислик қилди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон илк бор БМТ Бош Ассамблеяси бошқарувига кирди

Қайд этилишича, республика вакили ушбу функцияларни 2020 йилнинг сентябрига қадар, яъни Бош Ассамблеянинг 74-сессияси якунлангунича бажаради.

Ахборот хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессияси раиси ўринбосари лавозимига сайланиши республиканинг турли соҳалардаги, жумладан Бош Ассамблея томонидан Марказий Осиё бўйича ҳамда маърифат ва диний бағрикенглик бўйича қарорлар қабул қилиниши, БМТ шафелигида Оролбўйи учун Кўпшерикликдаги Траст фонд ташкил қилиниши бўйича саъй-ҳаракатларининг халқаро миқёсда тан олинишидан дарак беради.