Шуҳрат Ғаниев айбини тан олиб кечирим сўради

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўз қилмиши учун кечирим сўради ва Сенатдан қатъий огоҳлантириш олди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 сен – Sputnik. Олдин хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Одоб комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган,  рўмол ўраган аёллар ҳақидаги нутқи муҳокама қилинди. Шуҳрат Ғаниев айтган сўзлари учун жавобгаликни бўйнига олиб Сенат олдида кечирим сўради.

- Ижтимоий тармоқларда бўлаётган муҳокамалар тўғри. Айбимни тан оламан. Ўзимни оқлаш учун бирор сўз топа олмайман. Менинг авлодим, ота-онам миллий либослар кияди. Ўзим ҳам уйимда миллий либос кияман. Ўша мажлисда қуюшқондан чиқиб кетганман. Имконият берсангиз, хулоса чиқариб, чин дилдан меҳнат қиламан. Ҳар қандай жазога лойиқман. Халқдан ва Президентдан кечирим сўрайман, - деди ҳоким.

Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси йиғилишида Шуҳрат Ғаниевга қатъий огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилди.