ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Екатеринбургда биринчиликни қўлга киритган ўзбекистонлик боксчилар ва уларнинг мураббийларини тақдирлаш ҳақида фармон имзолади.
Ушбу фармонга кўра, “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан Жалолов Баҳодир Исомиддин ўғли, Мирзахалилов Миразизбек Мирзакарим ўғли тақдирланган.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Курбанов Марат Галиевич ҳамда Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг бокс бўйича мураббийи Қиличев Тўлкин Махмурович ва Фарғона вилояти ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг бокс бўйича мураббийи Эркаев Баходир Тургуновичлар тақдирланди.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан Зоиров Шахобидин Шокирович, “Келажак бунёдкори” медали билан - Батуров Бобо-Усмон Шамсутдин ўғли ва Рўзметов Дилшодбек Юсупбай ўғли тақдирланди.
“Шуҳрат” медали билан Ахмедов Бурхон Бахрамович ва Қиличев Фарруҳ Комиловичлар тақдирланди.
Ундан ташқари Миллий гвардия қўмондонлиги ҳам, ўз навбатида, Екатеринбургдан улкан ютуқлар билан қайтиб келган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари Баҳодир Жалолов ва Бобо-Усмон Батуровларни ҳамда халқаро мусобақалар ғолиби Муроджон Ахмадалиев ва юнон-рум кураши Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритган Элмурат Тасмурадовларга навбатдаги ҳарбий унвон ҳамда эсдалик совғалари топширишди.
Шунингдек, боксчиларни тайёрлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган мураббий Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази катта ўқитувчиси Элшод Расулов ҳам Миллий гвардия қўмондонининг эсдалик совғалари билан тақдирланди, дейилган хабарда.