Бодикамералар ҳақида нималарни билиш зарур?

Ходимнинг воқеа ёзилиш жараёнига аралашиш, уни таҳрир қилиш ва ўчириш имконияти йўқ: камера, ходим уни қабул қилиш вақтидан бошлаб, қайтариб топширгунга қадар видеога олиб боради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролар бодикамералар ҳақида нималарни билишлиги зарурлиги борасида маълумот берди.

Бодикамера аудио- ва видеоконтентни (FullHD форматида) ёзиш ва марказлашмаган тарзда сақлаш, кейинчалик кўриб чиқиш, фавқулодда вазиятларда марказлашган диспетчерлик хизматига “хавотир” сигналини етказиш, реал вақт режимида мобиль гуруҳларнинг жойлашувлари ва фаолиятларинин масофадан туриб мониторинг қилиш имкониятини берувчи мосламадир.

ИИВ бодикамералар жорий этишни кечиктирмоқчи – одамлар қарши

Бодикамера мосламаси инфрақизил ёритиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, ушбу қурилма тунги вақтда ҳам ўн метрлик масофани ёритиб, видеога олиб бориш имкониятини беради.

Ходимнинг воқеа ёзилиш жараёнига аралашиш, уни таҳрир қилиш ва ўчириш имконияти йўқ: камера, ходим уни қабул қилиш вақтидан бошлаб, қайтариб топширгунга қадар видеога олиб боради. Мослама корпуси очилмаслиги учун махсус ҳимоя билан жиҳозланган.

Шунингдек, мослама радиоалоқани ўрнини босади.

Ёзиб олинган маълумотлар қаерда сақланади?

Ёзувлар натижаси махсус серверда бир ой давомида сақланади. Бодикамераларни ишлатиш учун зарур бўлган ахборот тизимида мониторинг марказини ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Айнан ўша ерда бодикамералар томонидан қайд этилган маълумотлар сақланади ва кўриб чиқилади. Мосламанинг хотира картасидаги маълумот серверга махсус дастур ёрдамида кўчирилади. Марказ операторида мосламага масофадан туриб боғланиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.       

Мониторинг марказидаги махсус электрон картада ҳар бир ходимнинг айни вақтда жойлашган манзили, ҳамда ушбу манзилнинг патруллаш йўналишига мувофиқлиги акс этади.

Бундан ташқари, шу ерда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ҳаракатлар координацияси амалга оширилади: мониторинг марказига автоматик тарзда гео-, аудио- ва видеомаълумотлар ёпиқ (ҳимояланган) алоқа каналлари орқали етказилиб турилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт ИИББнинг 50 нафар ходимлари хизматга тест тартибида бодикамералар билан ишлай бошлашгани хабар қилинган эди. 2020 йилнинг 1 январдан барча ходимлар бодикамера тақиб юришлари шарт бўлади.