ТОШКЕНТ, 26 сен – Sputnik. Ucell уяли алоқа оператори Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси ихтиёрига ўтганига яқинда бир йил бўлади. Шу давр ичида биз, давлат компанияси сифатити ўзимизга ҳеч қандай имтиёзлар талаб қилмасдан, хусусий алоқа оператори сифатида ишлаяпмиз, дейди Ucell компанияси бош директори Владимир Кравченко. УзА хабарига асосан.
Бугунги кунда компания абонентлари сони 7,6 миллион кишига тенг. Ucell нинг 2G тармоғи Ўзбекистон ҳудудининг 97 %ни, 3G тармоғи 72,6 %ини қамраб олган. 4G эса йирик шаҳарларда 34,7 %гача, мамлакат бўйлаб эса ўртача 9,4 %ни ташкил қилади.
Яқинда Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб, улар билан шартнома имзоладик. Шу йил охиригача мамлакатимиздаги бутун алоқа тизимини модернизация қиламиз. Барча ҳудудларда 4G ўрнатилади, - дейди компания директори.
Ундан ташқари бир вилоятдан бошқасига ўтаётган магистраль йўлларнинг айрим нуқталарида алоқа умуман йўқ. Биз бу камчиликни ҳам бартараф этиш устида ишлаяпмиз.
Бугунги кунда lунёда 5G технологиясини татбиқ этаётган давлатлар сони ошиб бормоқда. Бу технология ўзининг юқори тезликда маълумот узатиш имкониятлари билан чиндан ҳам инновацион ҳисобланади. Эндиликда Ўзбекистон ҳам улар сафидан жой олади.
Радиотўлқинлар бўйича Республика кенгашининг қарорига мувофиқ, Ucell га мамлакат ҳудудида 5G технологияси бўйича мобиль уяли алоқа тармоғини ташкил этиш учун 3600-3700 МГц радиотўлқинлар канали ажратилди.
5G тижорий тармоғини ривожлантириш учун Huawei компанияси томонидан тақдим этиладиган энг янги қурилмалар харид қилиниб, мамлакатга киритилди. Дастлаб мутахассислар компаниянинг Тошкентдаги бош офиси – Ucell Plazaда биринчи 5G синовини ўтказди. Реал шароитда қайд этилган максимал тезлик 1 Гбит/с.га яқин бўлди. SpeedTest сервиси ёрдамида амалга оширилган ўлчовлар 1 376 Мбит/с.гача юклаш тезлигини кўрсатди.
Тошкентда 5G тармоғи биринчи бўлиб “Tashkent City” халқаро бизнес марказида ҳудудида ўрнатилади. Тез орада HD-сифатида бир соатлик фильмни юклаб олиш учун сизга бир неча сония кифоя бўлади.
Иккинчи босқичда синовдан ўтказиш тартибида фойдаланганлик натижасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистоннинг вилоятларида амалга оширилиши белгиланди.
Бугун компаниямиз аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Метротелеком билан ҳамкорликда Ucell уяли алоқа тармоғи синов тариқасида “Чилонзор” тармоғининг “Мустақиллик майдони” ва “Амир Темур хиёбони” метро бекатларида абонентлар 3G ва 4G технологияларида мобиль алоқанинг мавжудлиги борасидаги ечимидан фойдаланиш бошланди. Эндиликда Ucell абонентлари бу икки метро бекати ичида мулоқот қилиши, интернетдан фойдаланиши мумкин.
Айни пайтда пойтахтдаги барча метро бекатларида интернетга бепул Wi-Fi технологияси орқали уланиш бўйича ишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.