Камилов АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан Афғонистон масаласини муҳокама қилди

Учрашувда афғонлараро тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари алоҳида муҳокама қилинди, Афғонистонни иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни жипслаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 сен - Sputnik. БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессеяси доирасида Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс билан учрашди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот-хизмати.

Эксперт: С5+1 мулоқот майдони, холос

Ўз ишини якунлаган "Марказий Осиё – АҚШ" ("C5+1") шаклидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг натижалари юзасидан фикр алмашилди. Ушбу учрашув кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини конструктив руҳда муҳокама қилиш имконини берганлиги қайд этилди.

Элис Уэллс икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолар экан, уларни "тўла қонли ва кенг қамровли" дея баҳолади. Дипломат Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида эришилган ютуқларни олқишлади ва ҳозирги ўзгариш динамикаси давом этишига умид билдирди.

Учрашув давомида афғонлараро тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари алоҳида муҳокама қилинди, Афғонистонни иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни жипслаштириш муҳимлиги таъкидланди.