ХТВ: ўқитувчилар кунига деб, имконияти йўқлардан мажбуран пул йиғиш нотўғри

Халқ таълими вазирлиги расмий мурожаатига кўра, ўқитувчиларни табриклаш натижасида ота-оналар норозилиги келиб чиқиши керак эмас
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 сен - Sputnik. Ўзбекистонда 1-октябрь устоз ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Халқ таълими вазирлиги мазкур жараёнда ўта фаоллик кўрсатаётган синфларнинг қўмита вакилларига мурожаат билан чиқди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Ўқитувчидан обунага пул йиғманг: Шерматов ХТБ раҳбарларини сўнгги бор огоҳлантирди

Халқ таълими вазирлиги матбуот-хизмати хабарига кўра, республикадаги мактабларнинг ота-оналар қўмиталари вакиллари ўқитувчилар байрами олдидан пул йиғимларини бошлаб юборганлар ва бу ҳолат айрим ота-оналар норозилигини келтириб чиқармоқда.

"Халқ таълими вазирлиги 1 октябрь – "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" байрамида фарзандларига билим ва тарбия бераётган ўқитувчиларни ўз истак, имкониятларидан келиб чиқиб, табриклаётган ота-оналарга ўз миннатдорчилигини билдиради. Лекин ўқитувчиларни табриклаш натижасида ота-оналар норозилиги келиб чиқиши керак эмас. Агарда кимнинг имконияти бўлмаса, бошқа фаол ота-оналар томонидан мажбурлаш ёки улар номидан умумий совға қилиш баҳонасида мажбурий пул йиғиш нотўғри", - дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги шунингдек, юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ота-оналар норозилиги билан ундириладиган барча йиғим турларига чек қўйиш кераклигини эслатиб ўтган.