Ўзавтосаноат Spark автомобилларини Россияда ишлаб чиқармоқчи

Ўзбекистон ва Россия келишуви асосида 2020 йил бошида Россияда Spark автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 сен - Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтаётган “Локализация-2019” кўргазмаси доирасида “Ўзавтосаноат” раиси Шавкат Умурзоқов Spark автомобилларини Россияда ишлаб чиқариш ҳақида келишувга эришилгани ҳақида хабар қилди. Sputnik мухбири хабарига асосан.

"Россия томон фақат А-класс автомобилларини ишлаб чиқаришга рухсат берди. Бу биздаги Spark моделига тўғри келади", - деди Умурзоқов.

Айни дамда, Россия ва Ўзбекистон томонидан махсус ташкил қилинган ишчи гуруҳ ушбу лойиҳа тафсилотларини ишлаб чиқмоқда. Унинг асосий мақсади - автомобил таннархини тушириш ва техник масалаларни малакали ҳал қилишдир. Лойиҳани амалга ошириш 2020 йилнинг биринчи кварталида бошланади, деб қўшимча қилди “Ўзавтосаноат” раҳбари.

GM Uzbekistan механик узатмали “Spark” автомобилини ишлаб чиқариш ҳажмни оширади

Бизнинг мақсадимиз – фақатгина Россия бозорида бўлиш эмас. Биз ушбу соҳага халқаро тажрибага эга бўлган экспертларни таклиф қилиб, автомобилларни харидорлар учун арзонроқ нархларда етказиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз, - дейди Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия автомобил саноатида изчил ҳамкорликни йўлга қўйган. Масалан Россия Ўзбекистон автомобиллари учун металл прокати етказиб беради. Ўзбекистон эса Россиянинг ГАЗ ва ВАЗ йирик ишлаб чиқарувчилари конвейерларига автомобил ёритиш чироқларини етказиб беради.