МО учун ягона газтақсимловчи марказни яратиш осон бўлмайди — эксперт

Ўзбекистон Энергетика вазири Тошкентда ягона мувофиқлаштирувчи газ тақсимловчи марказни яратишни таклиф этди. Иқтисодиёт олий мактаби Жаҳон энергетика бозорларини ўрганиш маркази директори Вячеслав Кулагиннинг фикрича, бу фақатгина айрим лойиҳалар учун мос таклиф
Sputnik

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирлари форуми бўлиб ўтди ва тадбирда республика энергетика вазирлиги раҳбари Алишер Султонов ҳамкасбларга Ўзбекистон пойтахтида минтақа учун газ тақсимловчи ягона марказни яратиш масаласи устида ўйлаб кўришни таклиф этди. Вазир сўзларига кўра, тегишли музокаралар қозоғистонлик шериклар билан бошлаб юборилган, Осиё тараққиёт банки эса бу лойиҳани амалга ошириш учун маблағ ажратишга тайёрлигини билдирган.

Алишер Султонов АЭСнинг янги блоклари, Марказий Осиё бирдамлиги ва гидроэнергетика ҳақида

Россиялик эксперт фикрича, ягона мувофиқлаштирувчи-тақсимловчи газ марказининг яратилиши самарали инструмент бўлиши мумкин эди, бироқ бу лойиҳа учун кўплаб масалаларни ҳал этиш лозим.

"Умумий фойдаланиш учун қулай бўлган чегараолди инфратузилмалари мавжуд. Бироқ мамлакатлар ўртасида мавжуд қарама-қаршиликлар ва мураккаб масалалар ҳали кам эмас, шу боис, бундай марказни яратиш тўғрисида келишиб олиш осон кечмайди. Ҳар бир давлат ҳам ўз газ тизими бошқарувини бошқа давлатга топширишга тайёр, деб бўлмайди, айниқса, гап, ёқилғини ички бозорга етказиб бериш хусусида кетаётган бўлса. Лекин алоҳида лойиҳалар, дейлик газни Марказий Осиёдан Хитойга транзит қилиш учун бундай марказ айни муддао бўларди", - деб ҳисоблайди Вячеслав Кулагин.

У шунингдек, худди шунга ўхшаш, бироқ регионал кўламдаги хаб Россияда ҳам борлигини қўшимча қилди. Эксперт сўзларига кўра, бунда чегаралар ва суверен мамлакатлар мавжуд бўлиб, бу тажрибмани аниқ такрорлашнинг имкони бўлмаслиги мумкин.

Эксперт изоҳини тўлиқ Sputnik Ўзбекистон радиоподкастида рус тилида тинглашингиз мумкин.

МО учун ягона газтақсимловчи марказни яратиш осон бўлмайди — эксперт