Ўзбекистон инвесторларни мамлакат энергетика соҳасини ривожлантиришга чорламоқда

Энергетика вазири ўринбосари чет эллик инвесторларни энг сўнгги технологиялар билан келишга чорлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон хорижий инвесторларни мамлакат энергетика соҳасини ривожлантиришга чорламоқда. Бу ҳақда куни кеча бўлиб ўтган МОМИҲга аъзо давлатлар энергетика вазирлари йиғилишида Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев айтиб ўтди.

Марказий Осиё ягона энергия ҳалқаси қачон ишга туширилади - Ходжаев жавоби

"Инвесторлар Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига инвестиция киритишлари учун бир нечта сабаблар мавжуд. Биринчидан - бу кафолатланган бозор. Электр энергияни сотишда ҳеч қандай катта рақобат бўлмайди. Иккинчидан, давлат иккита нарсани кафолатлайди - ишлаб чиқарилган электр энергия тўлиқ ҳажмда сотиб олинади ҳамда инвестиция қилинган маблағларингизга ҳеч ким тегмайди. Ўзбекистонга келган инвестор ўз инвестицияларини тўлиқ қайтариб олади ва кўзлаган даромадига эга бўлади", - деди Ходжаев.

Энергетика вазири ўринбосари шунингдек, инвесторларни энг сўнгги технологиялар билан келишга чорлади.

"Агар бу технологиялар газ ёқишга асосланган бўлса, келинглар, энг сўнгги классдаги, энг юқори самарадорликка эга бўлган турбиналарни қурайлик. Агар қуёш энергетикаси ҳақида гапираётган бўлсак, у ҳолда, энг сўнгги классдаги панелларни қуриш ҳақида режа тузайлик, чунки бу лойиҳаларнинг барчаси 20-25 йил истиқболга мўлжалланмоқда", - деб қайд этди Ходжаев.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳар бир инвестор учун очиқ эканлиги, ҳатто изланиш олиб боришнинг зарурати йўқлиги таъкидлаб ўтилди.

"Биз барча зарур маълумотларни тақдим этамиз. Хоҳ у регионлар бўйича истеъмол прогнозлари бўлсин, хоҳ қуёш радиацияси ёки шамоллар харитаси - барча зарур бўлган маълумотлар берилади. Бу каби ишлар учун вақт кетказиш ёки четдан маслаҳатчилар ёллашнинг кераги йўқ. Музокаралар столига ўтириб, лойиҳани ҳаётга татбиқ этишни бошлаш керак, холос", - деди вазир ўринбосари.