Путин мигрантлар учун Россия фуқаролигини олишни соддалаштирди

Россия қонунчилигига киритилган ушбу ўзгартириш 2019 йил 2 октябрдан эътиборан қонуний кучга киради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Россия фуқаролигини олиш учун зарур бўлган меҳнат муддатини қисқартириш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармон 19 сентябрь куни ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди.

Кадрлар ҳаммага керак: профессионаллар Россия паспортини тезлаштирилган тартибда олади

РФ фуқаролигини олиш учун ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган мутахассисларнинг минимал иш фаолияти муддати 3 йилдан 1 йилгача этиб қисқартирилди. Ўзгаришлар биринчи навбатда малакали кадрларни қамраб олади.

Тегишли мутахассисликлар рўйхати Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги томонидан тасдиқланган. Ушбу рўйхатда шифокорлар ҳам, муҳандислар ҳам, токарлар ҳам, электриклар ҳам бор.

Россия қонунчилигига киритилган ушбу ўзгартириш 2019 йил 2 октябрдан эътиборан қонуний кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думаси учинчи ўқишда малакали мигрантлар учун Россия фуқаролигини олиш тартибини соддалаштирувчи қонунни қабул қилгани хабар қилинган эди. Мазкур қонун лойиҳаси 2018 йил 7 июндаги тўғридан-тўғри мулоқотнинг сўнг Владимир Путин топшириғига биноан ишлаб чиқилган. Ҳужжат юқори малакали хорижликларни Россияда ишлашга жалб этишга қаратилган.