Ўзбекистоннинг 5 нафар боксчилари ярим финалга чиқди

Ажойиб бешталик - беш нафар ўзбекистонлик боксчилари Екатеринбургда ғалабали юришини давом эттириб ярим финалга чиқишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Кеча Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг 10 куни муваффақиятли якунланди. Беш нафар ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси чорак финалдан ярим финалга ўтишди, Олимпия қўмитаси хабарига асосан.

Беш нафар ўзбекистонлик боксчилар жаҳон чемпионати чорак финалида

52 кг вазн тоифасида Шаҳобиддин Зоиров болгариялик Даниель Асеновга қарши баҳсда ютиб чиқди. Ярим финалда Шахобиддин франциялик Биллол Беннама билан тўқнаш келади. Бронза медал аллақачон нақд қилинган.

57 кг вазн тоифасида рингга чиққан Миразиз Мирзаҳалилов қозоғистонлик Қайрат Ералиев устидан ғалаба қозонди. Икки боксчи ҳам жангни  яхши олиб борган бўлсада, ҳакамлар очколар бўйича ғалабани ўзбекистонлик боксчига беришди.

69 кг вазн тоифасида Бобоусмон Батуров иорданиялик Зияд Иашаш билан жангга киришди. Катталар ўртасидаги мусобақада илк бор қатнашаётган бўлсада, Бобоусмон ўз устунлигини намойиш қилди. Рақиб устидагн ғалаба қозониб ярим финал ва бронза медалини нақд қилиб қўйди.

Шаҳобиддин Зоиров рақибидан устун келди

81 кг вазн тоифасида Дилшодбек Рўзметов озарбайжонлик Лорен Алфонсога қарши баҳс олиб борди. Боксчилар мухлисларга 3 раунд ажойиб жанг намойиш қилиб беришди. Ҳакамларнинг якуний қарори билан 20 ёшли вакилимиз жаҳон чемпионатининг ярим финалига йўл олди.

91+ кг, яъни энг оғир вазн тоифасидаги жангда Баҳодир Жалолов АҚШ вакили Ричард Торрес билан учрашди. Жангда ўзбекистонлик боксчи мутлақ устунлик намойиш этди. Биринчи раунд давомида Жалоловнинг чап қўлда йўллаган ажойиб зарбасидан кейин америкалик боксчи узоқ вақт ўрнидан тура олмади.

Эслатиб ўтамиз, ярим финал жанглари 20 сентябр куни бўлиб ўтади.