Тошкент давлат юридик университетига янги ректор тайинланди

Раҳим Ҳакимов президент қарорига мувофиқ адлия вазирининг ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 сен – Sputnik. Раҳим Ҳакимов Расулжонович президент қарорига мувофиқ адлия вазирининг ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори этиб тайинланди.

Раҳим Ҳакимов 1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, маълумоти олий, 2003 йилда Наманган давлат университетини, 2005 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос. Юридик фанлари доктори.

Ҳакимов ўз меҳнат фаолиятини 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи етакчи илмий ходими лавозимидан бошлаган.

2017 йил декабрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг директори, 2018 йил июль ойидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг раиси лавозимларида ишлаб келган.

Эслатиб ўтамиз, Есемурат Каньязов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университетининг ректори лавозимидан озод этилган эди.